ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи шахсни "жиҳодчилик" диний-экстремистик оқими фаолиятига алоқадор деб топиб уни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди куч тизимидаги манба Sputnik мухбирига.
21 ёшли Абдулатиф Алижонов 2014-2015 йилларда Санкт-Петербургда ишлаган вақтида экстремистлар таъсирига тушиб қолган.
"Россияда бўлган вақтида у интернетда фаол равишда тақиқланган материалларни кўришни бошлаган. Алижонов "Одноклассники" ижтимоий тармоғидаги манбалар орқали экстремистик мафкурани ўргана бошлаган ва унинг тарафдорига айланган. Шундан сўнг у мазкур тармоқдаги турли диний гуруҳларга аъзо бўлган ва диний-экстремистик ташкилотлар раҳбарларининг видеомурожаатлари билан танишган", — деди манба.
Россияда бўлган чоғида Абдулатиф Алижонов шунингдек танишларига интернет тармоғи орқали турли экстремистика материалларни фаоллик билан тарқатган. Тергов маълумотларига кўра, мазкур мақсад учун у уяли телефондан фойдаланган.
Ўтказилган суд экспертизасида Алижонов интернет орқали тарқатган материаллар конституцияга зид эканлиги аниқланди.
Суд ҳукмига кўра, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми ("Ўзбекистон Республикасининг конституцион тузумига тажовуз қилиш") ва 244-1 моддаси 2-қисми ("Жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш") бўйича айбдор деб топилди ва унга тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтда ўзбек куч тизимлари Ўзбекистонда жиҳодчиларнинг бир нечта яширин гуруҳларини фош этишди. Уларнинг аксарияти экстремистик мафкура таъсирига Россияда ишлаган вақтларида тушиб қолишган.