ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Қозоғистон "Учкудук — Қизилўрда" темир йўл тармоғи қурилиши истиқболларини кўриб чиқмоқда, дейилади Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаевнинг бугун чоп этилган мақоласида.
Бу борадаги масала унинг Навоий вилоятига ишчи ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашувида муҳокама қилинган. Мазкур вилоят ҳудудида "Навоий" эркин саноат-иқтисодий зонаси доирасида кўплаб инновацион корхоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Қозоғистон томони ушбу корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирмоқда.
"Бу йўналиш ҳозирда мавжуд бўлган Қозоғистоннинг ғарбий ва шарқий қисмларидаги тармоқлар учун ажойиб тўлдириш бўларди, зеро у орқали Қозоғистон маркази, Урал ва Сибир Ўзбекистон билан бирлашиши мумкин бўлади. Истиқболда эса биргаликда Туркманистон, Афғонистон ва Эронга чиқиш мумкин бўлади. Албатта, бу масала батафсил ўрганиб чиқишни талаб қилади, лекин уни ҳаётга татбиқ этиш икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг янги уфқларини очади", — деди элчи.
Шунингдек, унинг фикрича, йирик ўзбек транспорт лойиҳалари — "Ўзбекистоннинг шимоли-ғарби — Ўзбекистоннинг жануби-ғарби" меридиани бўйича тезюрар темир йўл магистраллари тармоғининг ташкил этилиши, "Ангрен — Поп" электрлаштирилган темир йўл магистралининг ишга туширилиши, Қамчиқ довони орқали ўтган автотрассанинг кенгайтирилиши, Навоий аэропорти базасида халқаро логистика марказининг ривожланиши Қозоғистоннинг катта қизиқишини уйғотади.
Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама товар айирбошлашнинг ошишига ҳам ижобий таъсир кўрсатган бўларди, деб ҳисоблайди Ерик Утембаев. Илгарироқ у Қозоғистон Ўзбекистон билан ўзаро савдони ривожлантириш, жумладан чегараолди савдосини ривожлантириш орқали мазкур кўрсаткични 5 миллиард долларгача етказишни мақсад қилганини билдирганди. Бироқ глобал иқтисодиётдаги инқироз сабабли статистикага кўра, 2016 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича икки республика ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш 22,5% га камайган ва 1,1 миллиард долларни ташкил қилган.
Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ривожлантириш орқали вилоятларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини фаоллаштириш ҳам икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим жиҳати бўлиши мумкин.