ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп Филиппин оролларининг президенти Родриго Дутерте билан телефон орқали боғланган ва суҳбат давомида мамлакатда олиб борилаётган гиёҳвандликка қарши кураш усулларини маъқуллаган, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Айтиш жоизки, Филиппин президентининг гиёҳванд моддалар савдосига қарши бу каби кескин кураш усули дунё ҳамжамияти, шу жумладан АҚШ президенти Барак Обама томонидан кескин қораланган эди. АҚШнинг янги сайланган президенти Трамп эса Дутертенинг ушбу кампаниясига "оқ йўл" тилади, деб ёзган нашр.
Филиппин ҳукумати тарқатган маълумотларга кўра, жума куни Филиппин раҳбари ва АҚШнинг янги сайланган президенти телефон орқали "ўта қизиқ ва жонли" суҳбат қуришган. Етти дақиқа давом этган телефон қўнғироғи давомида, Трамп Дутертени 2017-йилда Оқ Уйни зиёрат қилишга таклиф этган.
"Ва у менинг кампаниямга омад тилади", — дея баёнот қилган Дутерте телефон суҳбатидан сўнг. Унинг сўзларига кўра, Трамп мамлакатда оғуфурушликка қарши қаратилган кураш "ўта тўғри" олиб борилмоқда, деган фикрни билдирган.
Дутерте ҳокимият тепасига келган кундан бошлаб мамлакатда оғуфурушлар ўлдирилиши ҳолати 200% ортган. Полиция томонидан тарқатилган сўнгги маълумотларга кўра, наркотик моддалар олди-сотдисида гумон қилинган 3 минг киши шу вақт оралиғида суд ва терговсиз ўлдириб юборилган.