ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Тошкент шаҳридаги транспорт компанияларидан бири сайлов кунида тошкентликларни сайлов участкаларига бепул олиб боришини маълум қилди, деб хабар қилмоқда Спутник мухбири.
"4 декабр — Ўзбекистон президенти сайлови куни! Easy Taxi компанияси Ватанимизнинг келажаги, унинг гуллаб-яшнаши ва ҳар томонлама равнақ топишига ишонади. Ҳар биримизнинг овозимиз бунда жуда муҳим! Давлатимиз учун ўта муҳим бўлган воқеадан четда қолмасликка чақирамиз. Ва барча фуқароларимизни сайлов участкаларига қадар бепул олиб боришни ўз зиммамизга оламиз. Ушбу акция фақат Тошкент шаҳрида амал қилади", — дейилган компания хабарида.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги 4-декабр куни Тошкент шаҳридаги барча йўналишлар бўйича қатновчи автобуслар ҳамда метро қатнови соат 05:00 дан бошланиши ва кун давомида йўловчиларга бепул хизмат кўрсатишини эълон қилган эди.