ТОШКЕНТ, 30 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган 4 декабр куни Андижон вилоятидаги транспорт воситалари томонидан йўловчиларга бепул хизмат кўрсатилади. Бу ҳақда uz24.uz хабар қилди.
Хабарда айтилишича, вилоятдаги аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи бир гуруҳ ҳайдовчилар йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ташаббус билан чиқдилар.
Сайлов ўтказиладиган куни вилоят ҳудудидаги барча шаҳар ва туманлардаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситалари томонидан йўловчиларга бепул хизмат кўрсатилади.
Шу куни 52 мингдан зиёд йўналишдаги "Дамас" автомашиналари ва таксилар сайловда иштирок этувчи аҳолига беминнат кўмак берадилар.
Айни пайтда Андижон шаҳри ва туманларидаги аҳолига хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари ойналарида "Ватаним келажаги учун овоз бераман", "4 декабрь бепул хизмат кўрсатиш куни" деб ёзилган эълонларни кўриш мумкин, дейилади хабарда.
Аввалроқ сайлов куни Тошкент шаҳридаги барча жамоат транспортлари бепул бўлиши маълум қилинган эди.