ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Президентлик сайлови натижаси қачон эълон қилинишига ойдинлик киритилди, деб хабар қилмоқда кун.уз нашри.
Хабарга кўра, 2 декабрда "PRESS-CLUB: ELECTIONS.UZ-2016" пресс-клубида "Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги: Сўнгги инновациялар" мавзусидаги бешинчи сессия бўлиб ўтган.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Раҳимжон Ҳакимов, Шуҳрат Ёқубов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари Санжар Ҳамидуллаевлар қатнашишган.
Ўзбекистонда Президентлик сайлови натижаси қачон эълон қилиниши масаласига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Ҳакимов ойдинлик киритган: "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 36-моддасига кўра, Ўзбекистон Президенти сайлови бўлиб ўтган кундан кейин 10 кун ичида Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилади", деган у.