ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Япония ҳукумати Пхеньян томонидан бешинчи ядро синови ўтказилганига жавобан КХДРга нисбатан янги санкцияларни қабул қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Янги санкцияларга кўра, Шимолий корейс ассоциацияси раҳбарлари, ракета техникаси соҳасидаги хорижлик ядровий мутахассислар агарда Шимолий Кореяда бўлиб қайтган бўлишса, Японияга киритилмайди. Шунингдек, Шимолий Корея портига кирган ҳар қандай кемалар, хусусан япон кемалари ҳам Япония портларига киритилмайди. Бундан ташқари, Япониядаги ҳисоб рақамлари музлатиладиган КХДРнинг ядро ва ракета соҳасига алоқадор шахс ва ташкилотларининг рўйхати кенгайтирилади, деб хабар берди Киодо агентлиги.
БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан эълон қилинган санкцияларнинг давоми сифатида Япония ҳукумати КХДРга янги самолётлар ва вертолётлар экспортини ҳамда Шимолий Кореядан мис, никел, кумуш импортини тақиқлади.
Япония бош вазири ҳукумат мажлисида санкцияларнинг кучайтирилиши 1970-80 йилларда ўғирлаб кетилган ва КХДРда тутқунликда сақланаётган япон фуқаролари муаммосини ҳамда Пхеньяннинг ядро ва ракета дастури масаласини ҳал қилиши лозимлигини билдирди.
КХДР 5 сентябр куни учта баллистик ракета синовини муваффақиятли ўтказганди. 9 сентябр куни эса 2006 йилдан буён бешинчи марта ядровий синовни ўтказди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши чоршанба куни КХДРга нисбатан санкция режимини кучайтирди. Ҳужжатда киришлари тақиқланган ва ҳисоб рақамлари музлатилиши лозим бўлган шахслар ва ташкилотлар рўйхати келтирилган. Шунингдек, мамлакатга етказиб бериш тақиқланган хом ашё, ускуна ва технологиялар санаб ўтилган.
Шимолий Корея санкциялар қабул қилинишини ўз суверенитети ва ривожланиш ҳуқуқига нисбатан тажовуз деб ҳисобламоқда.