ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik, Танҳо Саттарова. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябр куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан ўтказган учрашуви чоғида ўзбек санъатига ҳисса қўшаётган истеъдод соҳибларини бирма-бир санаб ўтган эди.
Ана шундан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига бунёд этиладиган ҳамда марҳум президент қарори билан ташкил қилинган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Тил ва адабиёт университети олдига қўйиладиган Алишер Навоий ҳайкаллари Мустақил Ўзбекистон рамзларига айланган учта монумент муаллифи, Ўзбекистоннинг энг олд ҳайкалтарошларидан бири Илҳом Жабборов томонидан яратилармиш деган гап-сўзлар болалаб кетди.
Бу гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси билан боғландик.
"Айни пайтда ҳужжатлаштириш ишлари олиб борилаётгани сабабли, ҳайкалларни ким қуриши борасида аниқ маълумот бера олмаймиз", — дея жавоб қайтарди академия вакили.
Ҳайкалтарош Илҳом Жабборовни эса топишнинг иложи бўлмади. Спутник Ўзбекистоннинг ишончли манбаси маълумотларига кўра, "Ҳайкалтарош ўз ишини ташлаб, тоққа узлатга чиқиб кетган".
Эслатиб ўтамиз, Илҳом Жабборов Тошкентдаги Фурқат (бронза, гранит, 1982; меъмори С. Сутягин), Ургутдаги Навоий (мис, 1985), Намангандаги Машраб (мис, 1988), Тошкент (1992), Самарканд (1997) ва Шаҳрисабз (1997)даги Амир Темур ҳайкаллари (бронза; меъмори Ф. Ашрафий), Фарғонадаги Ал Фарғоний (бронза, 1998), Тошкентдаги "Она" (бронза, 1999), Урганчдаги Жалолиддин Мангуберди (2000) ҳайкаллари муаллифидир. "Меҳнат Шуҳрати" ордени билан мукофотланган (2001).