ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда сайлов куни овоз бериш жараёнини онлайн режимда кузатиш, вилоятлар билан видеоалоқа орқали мулоқот ўтказиш имконини берувчи ягона компьютер тармоғи яратилди, деб хабар бермоқда NUZ.UZ.
4 декабр куни МСК Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича республика матбуот марказида ташкил этиладиган онлайн брифинглар орқали жамоатчиликни овоз бериш жараёнининг бориши билан таништириб боради.
Эслатиб ўтамиз, Президент сайловларини ўтказиш учун сайлов участкалари, жумладан хорижий давлатларда 44та сайлов участкаси ташкил этилган. Уларнинг барчаси овоз бериш учун керакли шароит ва жиҳозлар билан таъминланган.
Ҳар бир сайлов участкасида Президентликка номзодлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Участка сайлов комиссиялари сайловчиларни овоз бериш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилишмоқда. Телерадиоканалларда сайлов ўтказиладиган кун, муддатидан олдин овоз бериш, сайлов бюллетенларини тўлдириш тартиби ҳамда сайлов участкалари фаолияти ҳақида эшиттириш ва видеолавҳалар берилмоқда.
Ўзбекистон Президенти сайлови 4 декабр куни бўлиб ўтади. Давлат раҳбари беш йил муддатга сайланади.