ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Россия Ўзбекистон учун асосий стратегик ҳамкор бўлиб қолади, деди Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-полковник Қобул Бердиев Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувда.
"Бизни Россия билан жуда кўп нарса боғлаб туради. Ҳаттоки айтиш мумкинки, нафақат боғлаб туради, балки биз қайсидир маънода ажралмаганмиз. Эҳтимол, ҳамкорлигимиз унчалик фаол бўлмаган даврлар бўлгандир, лекин биз ҳамиша Россия билан биргамиз ва Россия биз учун асосий стратегик ҳамкордир", — дея Бердиевнинг сўзларидан иқтибос келтиради РИА Новости.
У шунингдек 2012 йилда тўхтаб қолган ўзбек офицерлари ва курсантларининг Россия ҳарбий ўқув юртларида таълим олишлари яна йўлга қўйилганлиги учун миннатдорлик билдирди.
"Биз Сурияда содир бўлаётган воқеаларни кузатмоқдамиз, Россия Федерациясининг муваффақиятларини, Россия бутун дунёга намойиш этаётган қурол, техника ва янги технологияларнинг кучини кўриб турибмиз", — деди Ўзбекистон мудофаа вазири.
Унинг сўзларига кўра, Россия билан ҳарбий ҳамкорлик борасидаги тадбирлар сони йилдан йилга ошаётганлиги "бизни қувонтиради".
"2017 йил учун тадбирлар сони икки мартага ошди ва биз ҳарбий ҳамкорлик бўйича 36та тадбирга эришдик", — деди Бердиев.
Ўз навбатида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон ва Россияда ҳар икки давлат хавфсизлиги учун ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтириш учун истиқбол ва имкониятлар мавжуд эканлигини билдирди.