ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан ўтганзган учрашуви чоғида ўзбек санъатига ҳисса қўшаётган истеъдод сохибларини санаб ўтди, деб хабар берган Даракчи нашри.
"Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Ўз нутқи давомида Шавкат Мирзиёев Тошкент миллий маданият ва санъатига ҳисса қўшаётган истеъдод сохибларини санаб ўтди", — дейилади хабарда.
"Буюк санъаткорлар – Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Юнус Ражабий, Маннон Уйғур, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Карим Зокиров, Қудрат Хўжаев, Ғани Аъзамов, Зикир Муҳаммаджонов, Ботир Зокиров, Эргаш Каримов каби ўнлаб, юзлаб истеъдод соҳиблари маданиятимиз тарихида ёрқин из қолдирганини барчамиз яхши биламиз.
Ўзбек замонавий тасвирий санъати ривожига Ўзбекистон халқ рассомлари Чингиз Аҳмаров, Малик Набиев, Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Аҳмедов, Жалолиддин Миртожиев каби марҳум санъат усталари буюк ҳисса қўшдилар. Атоқли рассом ва ҳайкалтарошларимиз Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалолов, Владимир Бурмакин, Илҳом Жабборов, Акмал Икромжонов, машҳур халқ устаси Ортиқ Файзуллаевларнинг ижоди ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак, арзийди", — деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида.