ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар, деб хабар қилмоқда ТИВ ахборот хизмати.
Илгарироқ парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Депутатлар бу гал ўз ишларини "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.
Депутатларнинг таъкидига кўра, қонун лойиҳаси муҳим ва ўз вақтида қабул қилинаётган бўлиб, у биринчи навбатда фуқаролар, жумладан, тадбиркорларнинг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига ишончини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Шунингдек, ушбу қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан тартибга солишга, коррупцияга қарши курашиш борасида давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга, жамият ҳаётининг барча соҳаларида бундай ҳолатга тўлиқ барҳам беришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасизлик муҳитини яратишга қаратилганлиги эътироф этилди.