ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев буйруғига асосан Ўзбекистонда "Коррупцияга қарши кураш" қонуни лойиҳаси 2016 йилнинг охирига қадар ишлаб чиқилади.
Ҳужжатга мувофиқ, янги қонун фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган.
Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, Бош прокуратура жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ нормаларини янада либераллаштириш бўйича ҳамда қонун ҳужжатларига, энг аввало, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишга ва уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилишига йўл қўймасликка қаратилган, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини (тафтишларни) тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ процессуал тартиби белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни белгиланган тартибда киритади.