ТОШКЕНТ, 22 ноя – Sputnik. Ўзбекистонлик афсонавий боксчи Руфат Рисқиев оғир аҳволда шифохонада ётибди. Маълумотларга кўра, боксчи кома ҳолатида. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабар берилмоқда.
"Руфат Асадович комада… Унга саломатлик тилайлик", дейилади тармоқдаги хабарда.
Шу йилнинг сентябр ойи охирларида Тошкент шаҳридаги 16-шифохонада шифокорлар веналар тромбозининг оғирлашиши сабабли Руфат Рисқиевнинг ўнг оёғини тиззадан пастини кесиб ташлаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказишганди.
2 октябр куни 67 ёшни қаршилаган Руфат Рисқиев 1974 йилда Гаванада жаҳон чемпиони бўлишга эришган. У шунингдек, 1976 йилги Монреал Олимпиадасида финалга қадар етиб борган ягона совет боксчиси ҳисобланади.
Руфат Рисқиев – СССР Халқлари спартакиадасининг икки карра чемпиони, Совет Иттифоқининг тўрт карра чемпиони, Жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори. СССРда хизмат кўрсатган спорт устаси. АҚШ, Куба, Австрия, Югославия, Испанияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби. Марказий Осиёдаги илк халқаро тоифадаги профессионал бокс судьяси. "Ҳурмат Белгиси", "Буюк хизматлари учун", "Эл-юрт ҳурмати" орденлари кавалери. Яқин ўтмишда – Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясининг вице-президенти, айни пайтда – оддий пенсионер.