ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Ўзбекистонлик машҳур боксчи, собиқ Иттифоқ давридаги биринчи ўзбек олимпиадачиси (кумуш медал совриндори), жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев оёғида гангрена(қорасон) бошлангани сабабли шифокорлар унинг ўнг оёғини тиззадан пастини кесиб ташлаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказган. Бу ҳақда бокс мураббийи Мурат Эргашев Facebookдаги саҳифасида ёзган.
"Дўстлар, Тошкентдан қайғули хабар келди. Бизнинг машҳур чемпионимиз — Руфат Рисқиевнинг оёғи веналар тромбозининг оғирлашиши туфайли ампутация қилинди", — дея ёзган у.
Руфат Рисқиев Тошкент шаҳридаги 16-шифохонада ампутация қилинган ва айни вақтда шу шифохонада қолмоқда.
Жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган Руфат Рисқиевнинг саломатлиги тикланмоқда, ҳозир ўзини яхши сезмоқда.
Бундан бир неча йил олдин ҳам собиқ боксчи иккала оёғида жарроҳлик амалиёти ўтказган. Шифокорлар қаттиқ парҳез ва даволаш талабларига риоя қилишни буюрган эди.
2 октябрь куни 67 ёшини қаршилайдиган Руфат Рисқиев 1974 йилда Гаванада жаҳон чемпиони бўлишга эришган. Чемпионлик жанги оғир кечган, жанг пайти қўл суякларининг етти жойи синган. У шунингдек, 1976 йилги Монреаль Олимпиадаси кумуш медали соҳиби ҳисобланади.
Руфат Рисқиев – СССР Халқлари спартакиадасининг икки карра чемпиони, Совет Иттифоқининг тўрт карра чемпиони, Жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори. СССРда хизмат кўрсатган спорт мастери. АҚШ, Куба, Австрия, Югославия, Испанияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби. "Ҳурмат Белгиси", "Буюк хизматлари учун", "Эл-юрт ҳурмати" орденлари кавалери. Яқин ўтмишда – Ўзбекистон Профессионал бокси федерациясининг вице-президенти, айни пайтда – оддий пенсионер.