ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қабул қилган янги қарорга кўра, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, Бухоронинг Ғиждувон туманида, Фарғонанинг Қўқон туманида ва Хоразмнинг Ҳазорасп туманида янги Эркин Иқтисодий зоналар ташкил қилинади. Қарор Давлат Ягона хизматлар порталида жойлаштирилган.
Эркин Иқтисодий Зоналар ташкил қилишдан асосий мақсад — чет эл ва маҳаллий сармоядорлар фаолитяти учун қулай шароитлар яратишдир.
Ушбу сармоялар ёрдамида, янги ЭИЗларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга, сақлаш ва қадоқлашга ихтисослашган цехлар, тўқимачилик, гиламдўзлик, пойабзал ишлаб чиқарувчи фабрикалар, фармацевтика, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ва автомобил саноати корхоналари ташкил қилиш кўзда тутилган.
Эркин савдо зоналари амал қилиш муддати 30 йилни ташкил қилади ва ушбу муддат яна узайтирилиши мумкин.Ушбу давр мобайнида ЭИЗларда алоҳида имтиёзли солиқ ва божхона тизими амал қилади. ЭИЗларда фаолият юритаётган корхоналар ер солиғи, мол-мулк солиғи ва бошқа давлат солиқларидан озод қилинади. ЭИЗлар ҳудудида алоҳида божхона постлари ва логистика мартказлари ҳам ташкил қилиниши кўзда тутилган.
Тўрт вилоят ҳокимлиги бир ой муддат ичида янги ЭИЗлар учун керакли ер майдони ажратиши керак. Шунингдек Ташқи Иқтисодий Алоқалар, Молия, Солиқ вазирликлари ҳамда Божхона қўмитаси бир ой муддатда ЭИЗларда амал қиладиган махсус имтиёзли тартибни ишлаб чиқишлари керак.
Бугунги кунда Ўзбекистонда "Навой", "Ангрен" ва "Жиззах" ЭИЗлари фаолият юритмоқда.