ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. “Жиззах” махсус индустриал зонасида Миллий телекоммуникациялар оператори "Ўзбектелеком" АК ва Хитой Халқ Республикаси инвесторлари иштирокида учта ишлаб чиқариш қўшма корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради "Ўзбектелеком".
Маълумотга кўра, Broadband Solutions ҚК, ZTT Telekom ҚК ва Smart Vision ҚК ХХР раиси Си Цзинпиннинг 2013 йил 8 сентябрда Ўзбекистонга ташрифи чоғидаги келишувларга асосан ташкил этилган.
Эндиликда Ўзбекистонда илгари телекоммуникация инфратизимида хориждан сотиб олинган қурилмаларнинг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Huawei Technologies компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган Broadband Solutions қўшма корхонасида энг замонавий телекоммуникация ускуналари (xPON оптик тармоғи қурилиши учун фаол элементлар, OLT (станция қурилмаси) ва ONT (абонент терминали) ишлаб чиқарилади.
ZTT компанияси билан ҳамкорликдаги ZTT Telekom қўшма корхонаси оптик тармоқлар қуриш учун пассив элементлар: оптик толали кабел монтаж материаллари тайёрлайди.
ZTE билан ҳамкорликда ташкил қилинган Smart Vision компанияси эса xPON тармоғи фойдаланувчилари учун IP-телефонлар ва видеотелефонлар ишлаб чиқаради.