ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ва Новосибирск вилояти ўртасида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик, хусусан текстил саноати, мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ва туризм бизнеси соҳаларини янада ривожлантиришнинг ижобий истиқболлари пайдо бўлди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Фазлитдин Отаев маълум қилди.
У Новосибирск вилоятига қилган ташрифи давомида вилоят губернаторининг ўринбосари Юрий Петухов билан учрашуви чоғида шундай фикр билдирди, деб хабар беради вилоят ҳукумати матбуот хизмати.
Тадбирда шунингдек Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Отабек Бобоев ҳам иштирок этди.
Учрашув қатнашчилари ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари борасида фикр алмашдилар. Тез орада новосибирсклик ва ўзбекистонлик бизнес ҳамжамияти вакиллари ўртасида дастлабки келишувларни имзолашга қарор қилинди.
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида Россиянинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Россия билан ўзаро савдо ҳажми бўйича Ўзбекистон МДҲда тўртинчи ўринда туради. Ўзбекистон импортида Россия биринчи ўринда туради.