ТОШКЕНТ, 21 ноя – Sputnik. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК хизмат кўрсатиш ва авиабилетлар сотиш бўйича янги технологияни жорий этади, деб хабар берди "Новости Узбекистана". Дастур турли давлатлар авиакомпанияларига ахборот маҳсулотлари етказиб берувчи «SITA» халқаро ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган.
Мазкур технология бир вақтнинг ўзида бир нечта авиакомпанияларнинг рўйхатга олиш тизимлари билан ишлаш имконини беради ва бу йўловчиларга хизмат кўрсатиш тезлигини оширади.
Маҳаллий дастурчилар ҳам ўз дастурларини яратишди. Авиакомпаниянинг корпоратив сайтида "Онлайн режимида юкни топиш бўйича маълумот бериш дастури" ва "Авиабилетларни онлайн брон қилиш ва сотиш тизими" фаолият кўрсатмоқда.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиабилетларни онлайн брон қилиш ва сотиш тизимини янада такомиллаштирмоқчи. Бугунги кунда авиачипталарни компания сайти орқали фақатгина UzCard тизими орқали сотиб олиш мумкин. Авиакомпания 2018 йилга қадар чипталарни Visa, MasterCard, UnionPay ва бошқа халқаро тўлов тизимлари орқали онлайн сотишни йўлга қўймоқчи.
Мазкур хизматлар учун тўлақонли мобил илова ишга туширилиши режалаштирилган.