ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Жорий йилда Самарқанд шаҳрининг бир қатор ҳудудларида бир неча йиллардан буён тўхтаб қолган иссиқлик таъминоти қайта тикланди, деб хабар қилмоқда Зарафшон нашри.
"Қиймати 600 миллион сўмлик замонавий тўртта локал қозонхона қуриб битказилиши натижасида шаҳарнинг Сартепа, Суғдиёна, Марҳабо ҳудудлари ва Кимёгарлар шаҳарчасидаги 13 та кўп қаватли уйларда жойлашган 570 та хонадонга иссиқлик етиб боради", — дейилади хабарда.
"Барча қурилиш-монтаж ишлари шу йилнинг 15 ноябрига қадар тугатилиб, шу санадан бошлаб аҳолига иссиқлик таъминоти етказиш режалаштирилган, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Феруз Нажмиддинов. – Бу эса нафақат қиш мавсумида аҳолига иссиқлик бўйича қулайлик яратади, балки табиий газ, айниқса, электр энергиясининг бир неча баравар тежалишига, ҳар йили учрайдиган электр узатиш, тақсимлаш ускуналарининг зўриқиши оқибатида юзага келадиган узилишларнинг олдини олади. Аҳоли коммунал соҳадаги барча хизматлардан муаммосиз баҳраманд бўлишига замин яратилади".