ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Ўзбекистон Президенти в. б., бош вазир Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятига ташриф буюриб, мазкур ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолати билан яқиндан танишди. Сафар тўғрисидаги репортаж "Ўзбекистон миллий телеканали орқали намойиш этилди.
Шавкат Мирзиёев Тахиатош иссиқлик электр станциясида бўлиб, 230-280 МВт қувватга эга иккита буғ-газ ускунасининг қурилиши бўйича инвестицион лойиҳанинг амалга оширилиши масаласини муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, лойиҳа мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 18 июндаги қарори асосида амалга оширилаётганини эслатиб ўтди.
"Мазкур лойиҳани амалга оширмасдан туриб Қорақалпоғистон ва Хоразм саноатини ривожлантириш имконсиз, — деди Шавкат Мирзиёев. — Президентимиз мазкур ҳудуд келажаги ва ёшларнинг иш билан таъминланиши учун 15-20 йилни мўлжаллаган ҳолда ушбу карорни қабул қилган. Бу ишни тезлаштириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз", — деб таъкидлади Мирзиёев "Ўзбекистон" телеканали "Ахборот" дастурида.
Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳри асосий режасининг амалга оширилиш жараёни билан ҳам танишди. Муҳокама чоғида асосий эътибор замонавий кўп қаватли турар жойлар, дам олиш масканлари, сунъий кўл ва сув ҳавзаларининг бунёд этилишига қаратилди.
Хоразм фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, минтақавий экспорт кўрсаткичларининг оширилиши, янги саноат объектларининг қурилиши, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергиясининг асосий манбаси бўлган Тахиатош иссиқлик электр станциясида ҳар бири 230−280 мегаватт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмасини қуриш, учта мавжуд энергоблокни демонтаж қилиш ва иккитасини захира учун сақлаб қолиш бўйича лойиҳа амалга оширилиш кўзда тутилган. "Ўзбекенерго" давлат акциядорлик компанияси маълумотига кўра, лойиҳа 678,2 миллион долларга баҳоланган бўлиб, жумладан Осиё тараққиёт бакининг 300 миллион долларлик ва Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 230,7 миллион долларлик кредитлари ҳисобига молиялаштирилади.