ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Ёнғин хавфсизлиги ойлигининг дастлабки ҳафтасидаги текширувлар натижаларига кўра, темир йўл тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига 531та банддан иборат тавсиялар маълумотномаси топширилди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ сайтида маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, жорий йилнинг 10 ноябридан 2017 йилнинг 10 январига қадар республика ҳудудида ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказилмоқда.
Тадбирнинг дастлабки ҳафтаси мобайнида темир йўл тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 53тасида назорат тартибидаги текширувлар ҳамда 3тасида режали ёнғин профилактика кўриклари ўтказилди ҳамда 531та банддан иборат тавсиялар маълумотномаси тузилиб, объектлар раҳбарларига топширилди. Темир йўл станцияларида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида ҳаракатдаги 12та электровоз, тепловоз, 145та юк вагони, 32та йўловчи поездлари, 254та цистерналарнинг ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилди.
Текширув натижалари ҳақидаги маълумот раҳбариятга етказилди. Жойларда ёнғин хавфсизлиги борасида ишчи-хизматчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилди.