ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Ўзбекистоннинг Биринчи Президентининг қизи Лола Каримова-Тиллаева, марҳумнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова Ислом Каримов номидаги жамоатчилик хайрия фондини таъсис этдилар, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Лола Каримова бу ҳақда ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида айтиб ўтган.
"Юртимизнинг Биринчи Президенти оламдан ўтганларига икки ярим ой бўлди. Отамнинг хотиралари ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида мен онам билан биргаликда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солдик. Фонд ўз олдига Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хотирасига бағишланган музейни ташкил қилиш ва Ватанимиз мустақиллигининг асосчиси тўғрисида мақола ва асарлар нашр этишни мақсад қилиб олган.
Фонднинг бирламчи вазифаларидан бири мамлакатимиз ҳамда ҳорижда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборатдир.
Шунингдек, Ислом Каримов Фонди ўз фаолиятида ўзбек тилини ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришни ўз олдига мақсад қилиб олган. Фонд томонидан ўзбек классик ҳамда замонавий ёзувчилар асарларини чет тилларга таржимаси ва нашри учун грантлар берилади.
Она юртимизнинг анъаналари, адабиёти ҳамда халқимизинг бой маданий меросининг бошқа жабҳаларига тегишли адабиётлар нашр этмоқлик ҳам Фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади.
Ислом Каримов Фонди халқимизнинг авлоддан авлодга, асрлар оша ўтиб келаётган ҳунармандчилик анъаналарини асраш ва қўллаб қувватлашни кўзда тутган лойиҳаларни ҳам амалга оширади.
Ўзбек замонавий тасвирий санъат мактабини тараққий эттириш мақсадида Ислом Каримов Фонди ўзбек санъат усталари томонидан яратилган энг яхши асарлар коллекциясини тўплашни ҳамда машҳур рассомлар ва истъедодли ёш санъаткорларнинг кўргазмаларини ташкил этишни ўз бирламчи вазифаларидан бири қилиб белгилаган.
Ислом Каримов Фонди юртимизда истиқомат қилувчи кўпгина инсонларга ўз салоҳиятини амалга оширишда ёрдам бериб, она Ўзбекистонимизнинг маданий ва марифий ривожига ўз салмоқли ҳиссасини қўшади, деб умид қиламан.
Мен меҳрибон Аллоҳдан отамнинг охиратларини обод қилишини ва бошлаган хайрли ишларимизда бизга мададкор бўлишини сўрайман", — деб қайд этган Лола Каримова.