ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. АҚШ президентлигига бўлиб ўтган сайловларда Демократлар партиясидан собиқ номзод Хиллари Клинтон президент пойгасида Дональд Трампга ютқизганидан сўнг умуман уйдан чиқишни хоҳламай қолганини тан олди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
"Тан оламан… бу ерга келиш мен учун осон бўлгани йўқ. Ўтган ҳафтада кулчадек букилиб ётиб олиб, ҳечам уйдан чиқишни хоҳламаган пайтларим бўлди", — дея ўз гапини бошлади АҚШ собиқ давлат котиби.
Эслатиб ўтамиз, АҚШда президентлик сайловлари 8 ноябр куни бўлиб ўтди. Овоз бериш жараёни ниҳоясига етгач, кечқурун Клинтон Трампга сим қоқиб, уни ғалаба билан табриклаган ва ўз мағлубиятини тан олган. Эртаси куни Клинтон ўз турмуш ўртоғи, собиқ президент Билл Клинтон билан Нью-Йоркдаги тарафдорлари билан қисқа учрашув ўтказган ва сайловларда ғолиб чиқа олмагани учун улардан узр сўраган.