ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Бугун Москвада табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар бўйича давлатлараро кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар берди Россия ФВВ матбуот хизмати.
Йиғилишда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Молдавия, Туркманистон ва Украина вакиллари иштирок этишлари режалаштирилган.
Қутқарувчилар фалокатларга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик, қутқарув хизматлари учун кадрлар тайёрлаш ва фавқулодда вазиятлар мониторинги масалаларини муҳокама қилишади. Бундан ташқари, томонлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада такомиллаштириш масаласини кўриб чиқишади.
Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик бўйича қатор келишувларни имзолаш режалаштирилмоқда.
Табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар бўйича давлатлараро кенгаши 1993 йилда МДҲ давлатларининг табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва огоҳлантириш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувига мувофиқ ташкил этилган.