Қутқарувчилар “Ангрен-Поп” темир йўлида машғулот ўтказишди

Oбуна бўлиш
Қутқарувчилар, темир йўл транспорти ишчилари ва республика ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари “Қамчиқ” туннелида фавқулодда вазиятлар юзага келганида ўзаро қандай ҳаракат қилиш борасида машғулот олиб боришди.

ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. “Қамчиқ” довонидаги “Ангрен-Поп” темир йўл участкасида ўт ўчирувчилар ва қутқарувчиларнинг махсус тактик ўқув-машқлари бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Машқ доирасида қутқарувчилар туннелда йўловчи ташувчи вагонда ёнғин содир бўлганда жалб этиладиган куч ва воситаларнинг амалий ҳаракатларини синаб кўрдилар. Ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этиш ҳамда одамларни эвакуация қилиш ва жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича машғулот олиб бордилар.

Ангрен-Поп темир йўлига поезд келиши - Sputnik Ўзбекистон
Қамчиқ довони орқали биринчи йўловчи поезди ўтди

Махсус-тактик ўқув машқи уч босқичда ўтказилди. Ҳар бир босқич давомида поезд машинисти, унинг ёрдамчиси, вагон ходимлари, ёнғинни ўчириш гуруҳи, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлими шахсий таркибининг вагонда ёнғин содир бўлганда амалга оширадиган ҳаракатлари кўриб чиқилди. Шунингдек, уларнинг ФВВ қутқарувчилари, транспорт ички ишлар бўлими ходимлари ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг таъмирлаш бригадаси билан йўловчиларни туннел ичидаги вагонлардан эвакуация қилиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари синовдан ўтказилди.

“Ангрен-Поп” темир йўли шу йилнинг ёзида ишга туширилди, 5 сентябрдан эса Тошкент-Андижон йўналиши бўйича мунтазам поезд қатнови йўлга қўйилди. Темир йўлининг узунлиги 121 километр бўлиб, Қамчиқ довонидан ўтган туннелнинг узунлиги 19 километрни ташкил этади.

Янгиликлар лентаси
0