ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Қирғизистон ИИВ хабарига кўра 31 ёшли АҚШ фуқароси ўз ҳаётини 1 миллион долларга суғурта қилиб, Ўшда ўз ўлимини сохта расмийлаштирган, Sputnik Кыргызстан хабарига кўра.
Маълумотларга кўра, асли Ўзбекистон фуқароси бўлган 31 ёшли йигит 2000 йилларда Green Card лотореяси бўйича АҚШга кўчиб кетади. У ерда бир неча йил яшаганидан кейин, ўз ҳаётини 1 млн долларга суғурта қилади. 2014 йилда у Қирғизистоннинг Ўш вилоятига келиб, суғурта тўловини олиш мақсадида ўз ўлимини сохта расмийлаштиради. Кейинчалик эса Қора Сув тумани қишлоқ қабристонларидан бирида унинг сохта қабри пайдо бўлиб унга ёдгорлик ҳам ўрнатилади.
Шундан кейин эса, унинг АҚШдаги қариндошлари суғурта компаниясидан суғурта тўловини талаб қила бошлайди. Суғурта компанияси талабига биноан ҳуқуқни сақлаш органлари текширув ўтказганда ушбу товламачилик фош бўлади. Бундан ташқари ўлим ҳақида ёлғон гувоҳнома берган патолого-анатом врач ҳам аниқлананди.
Ушбу иш юзасидан Қирғизистон ЖКнинг “Сохта ҳужжатлар тайёрлаш” ва “Хизмат вазифасини суистеъмол қилиш” бандлари бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Ўзини сохта “ўлдирган” фуқаро эса энди ростакамига ҳуқуқни сақлаш органларидан яшириниб юрмоқда.