ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. Бугун Тошкентда 1-Халқаро мева сабзавот ярмаркаси якунланди, деб хабар қилмоқда “Ўзагроэкспорт” матбуот хизмати.
Ярмарка доирасида, россиянинг “Х5 Ритейл групп”, “Сибирский Альянс”, “Магнит”, “Перекресток”, “Невский Кондитер”, “Агролайн” ва “Глобал Трейд”, Ҳиндистоннинг “Эко Грин”, Қозоғистон Республикасининг “Мева Групп” ва яна бир неча хорижий компаниялар билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиш истиқболлари, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, шунингдек савдо уйларини ташкил этиш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Ярмаркада иштирок этган ўзбекистонлик агро корхоналар ўзларининг маҳсулотларини экспорт қилиш ва уларни жойига қадар етказиб бериш бўйича 355та шартномалар имзоланди. Уларнинг умумий қиймати 1,009 миллиард долларни ташкил қилди. Еткизиб бериш керак бўлган маҳсулот умумий ҳажми 1421 минг тоннани ташкил қилди. Барча шартномалар ярмаркада белгиланган тартибда рўйхатга олинди.
Ўзбекистонда биринчи Халқаро Мева сабзавот ярмаркаси ўтказилиши мамлакатда етиштирилган маҳсулотни экспорт қилиш географиясини янада кенгайтириш имконини берди. Хусусан, Европа мамлакатлари Германия, Шотландия, Швейцария, Буюк Британия, Украина, Белорусия, Литва, Озарбайжон, Россия, Жанубий-Шарқий Осиёдан Хитой, Корея, Япония, Яқин Шарқ мамлакатлари Ироқ, БАА, Туркия давлатларига маҳсулот экспорт қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузилди.
Имзоланган шартномаларнинг 25 % — мева, 17 % — узум, 32 % — сабзавотлар, 13 % — қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 13 % — дуккакли маҳсулотлар ва 1 % — полиз маҳсулотлари ташкил қилди.
Хорижий харидорлар томонидан билдирилган қизиқиш ва талаблардан келиб чиқиб, келгусида мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини жойлаштиришни (такрорий ва тўқсонбости экинларни ҳисобга олган ҳолда) аниқлаштирилишига замин яратди.
Ярмарка доирасида Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва истеъмолчилар ўртасида “давра суҳбатлари”, икки томонлама музокаралар ташкил этилиб, хорижлик меҳмонлар иштирокида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга ва совутиш комплексларига саёҳатлар ташкил этилди.
Жумладан Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган “Marwin Brands” ва “Asia Gem” ҳамда Тошкент шаҳрида барпо этилган “Gold Dried Fruits” корхоналарига ташриф буюрилиб, у ердаги қуритиш, музлатиш, сақлаш, қадоқлаш жараёнлари ва қайта ишланган тайёр маҳсулотлотлар меҳмонларга намойиш этилди. Ушбу корхоналар европанинг энг сўнгги мева ва сабзавотларни қайта ишловчи асбоб ускуналари билан жиҳозланган.
3 кун давомида ярмаркани томоша қилишга келганлар сони эса, 7000 кишидан ошиб кетди. Тадбир маҳаллий ОАВлар ва Россиянинг “Россия 24”, “НТВ” телеканали орқали ёритилди.