ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. 2016-йилнинг 17-ноябр куни Ўзбекистон Республикаси делегацияси Макка шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этади, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Мажлисда кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан ИҲТ янги Бош котиби номзодини кўриб чиқиш режалаштирилган.
"Ўзбекистон делегациясининг Макка шаҳрига ташрифи доирасида ИҲТ Бош котибиятида ҳамда бошқа давлатлар делегациялари раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Мазкур учрашувларда Ўзбекистоннинг ташкилот ТИВКдаги раислигининг устувор мақсадларини амалга ошириш жараёни ҳамда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинади", — дейилади хабар матнида.
Эслатиб ўтамиз, ИҲТ 1969 йилнинг сентябрида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда Ислом бирдамлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. 2011 йилга қадар у Ислом анжумани ташкилоти деб аталган. Бугунги кунда ИҲТга аъзо мамлакатлар сони 57 тага етган. Россия 2005-йилдан кузатувчи мақомига эга.