ТОШКЕНТ, 14 ноя – Sputnik. Сирдарё вилоятидаги "Сирдарёйўлревтранс" АЖда "Биз келажак учун овоз берамиз" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида турли соҳа ходимлари, айниқса, ёшларнинг сайлов жараёнларидан хабардорлигини ошириш мақсадида ўтказилди.
Давра суҳбати иштирокчилари ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, барча соҳаларни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўз ҳохиш-иродасини эркин билдириши, сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар билан таништирилдилар.
Иштирокчиларга миллий сайлов тизими, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун, унга сўнгги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, сайловчиларнинг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари кенг тушунтирилди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари сайловни юқори савияда, фаоллик билан ўтказиш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар билан таништирилди. Шунингдек, уларга сайлов участкаларида биринчи марта овоз бераётган ёшлар учун ташкил этилган овоз бериш жараёнлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.