ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбековни Қирғизистон бош вазири лавозимига тайинланганлиги муносабати билан табрик йўллади, деб хабар берди Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.
"Сизнинг Қирғизистон Республикаси Бош вазири лавозимига тайинланганлигингиз муносабати билан самимий қутловларимни қабул этинг. Ишонч билдираманки, сизнинг мазкур юксак лавозимдаги фаолиятингиз кўп асрлик анъанавий дўстлик, қўшничилик ва ўзаро ҳурмат асосида шаклланган ўзбек-қирғиз муносабатларининг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлигига бундан буён ҳам ҳисса қўшади", — дейилади табрик мактубида.
Бош вазир ўзбек-қирғиз муносабатларида сезиларли ижобий ўзгаришлар бўлганлигини қайд этган, Қирғизистон делегациясининг Андижонга ва Ўзбекистон вакилларининг Ўшга ташрифлари бунинг ёрқин намунасидир.
"Шу билан бирга ўзбек-қирғиз давлат чегараларининг ўтиш чизиғини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича самарали мулоқот жараёни ҳам улкан кўтаринкилик бағишлайди",- дейилади мактубда.
Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбековга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва давлат фаолиятида муваффақиятлар, Қирғизистон халқига эса тинчлик, файз-барака ва улкан ривож тилаган.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 11 ноябр куни Жээнбековнинг бош вазир этиб тайинланиши ҳақидаги фармонга имзо чекди.