ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Астрономик маълумотларга кўра, бугун 13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар кечаси Супер Ой ҳодисаси кузатилади.
Ой бугун Ерга нисбатан охирги 70 йил ичида энг яқин масофага яқинлашади. Ушбу ҳодиса Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Олтой ўлкаси ва Ғарбий Сибир ҳудудларида яшайдиган аҳолига айниқса яхши кўринади, асосийси осмон булутли бўлмаса бўлгани.
СамДУ Физика факультети, Астрономия кафедраси ассистенти Шуҳрат Эгамберидев "Самаркандский вестник" газетасига ушбу табиий ҳодисага изоҳ берди.
"Маълумки, Ой сайёрамиз атрофида эллипссимон орбита бўйлаб ҳаракат қилади. Ойнинг сайёрамизга нисбатан яқинлашиши ва узоқлашиши шу билан тушунтирилади. Якшанбадан (13 ноябь) душанбага (14 ноябрь) ўтар кечаси Ой Ерга максимал даражада яқинлашади, яъни перигейда жойлашади. Бундай ҳодиса охирги марта 1948 йилда кузатилганди. Биз самарқандлик астрономлар Саттепода жойлашган илмий-ўқув марказида бу ҳодисани кузатмоқчимиз. У ерда кучли GRUBB-PARSONS телескопи жойлашган.
Бироқ бизнинг вилоятдаги кўпчилик одамлар телескопсиз ҳам соат 21:50дан 4:15гача бу ноёб ҳодисанинг гувоҳи бўлишлари мумкин бўлади. Ой тонгга яқин Ерга 351722 км гача яқинлашади. Бу ҳодиса вақтида Ой одатдагидан 14 фоизга каттароқ ва 30 фоиз ёрқинроқ бўлади.
Ҳаммани тинчлантириб қўя қолай, бу ҳодиса ҳеч қандай табиий ўзгаришларга олиб келмайди. Ой 14 ноябрдан яна биздан олислаша бошлайди", деб тушунтирди мутахассис.