ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Ўзбекистон аҳолиси 13-14 ноябр кунлари Супер Ой ҳодисасини кузатиши мумкин, деб хабар қилмоқда Ut.uz нашри.
Супер Ой — бу астрономик ҳодиса бўлиб, у Ой тўлиши ва унинг Ерга энг яқин масофага келиш ҳодисалари бир вақтга тўғри келганда содир бўлади. Маълумки Ой Ер атрофида элипсга ўхшаш траекторияда айланади, яъни йил давомида ой икки марта ерга яқин келиб, икки марта ердан узоқлашади. Ер ойдан узоқлашганда у кичикроқ бўлиб, яқинлашганда эса каттароқ бўлиб кўринади.
Бу йилги Супер Ой ҳодисаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Олтой ўлкаси ва Ғарбий Сибир ҳудудларида яшайдиган аҳолига айниқса яхши кўринади. Асосийси осмон булутли бўлмаса бўлгани.
Олимлар айтишига қараганда бу йилги Супер Ой ҳодисаси охирги 70 йил ичида энг қизиқарлиси бўлиши кутилмоқда. 13-14 ноябрь кунлари горизонтда улкан оч пуштиранг Ойни томоша қилиш мумкин бўлади.