ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп Американинг The Wall Street Journal нашрига интервью берди, деб ёзмоқда РИА Новости. Нашрда таъкидланишича, Трамп суҳбат давомида президентлик лавозимида биринчи ҳафтада амалга оширишни режалаштираётган мақсадлари ҳақида гапирган.
Трамп президентликнинг дастлабки ҳафтасида, энг аввало, соғлиқни сақлаш ва янги иш ўринларини яратиш масалалари, чегарадаги хавфсизлик ва солиқ ислоҳоти билан жиддий шуғулланишини маълум қилмоқда, деб ёзган нашр.
Клинтонлар билан муносабати
Республикачи, сайловолди кампаниялари давомида, мабодо АҚШ президенти этиб сайланса, Давлат котиби лавозимида шахсий сервер орқали ёзишмаларни амалга оширган Хиллари Клинтон электрон почтаси иши бўйича махсус прокурорлик лавозимини ташкил этиши ҳақида бир неча марта гапирган эди.
Америка нашрига берган интервьюсида эса, президент этиб сайланган Трамп, айни дамда "Клинтон мактублари" можароси ҳақида кўп ҳам ташвиш чекмаётганини айтиб ўтган.
"Мен ҳозирда кўп ва хўб ўйлаётган муаммо бу эмас", — деган Трамп нашрга берган интервьюсида.
Бундан ташқари, CBS телекомпаниясига берган интервьюсида, Дональд Трамп қачонлардир маслаҳат олиш учун Билл Клинтонга мурожаат қилиши мумкинлигини ҳам инкор этмаган. Шунингдек, Трамп АҚШнинг собиқ президенти оиласига "истеъдодли оила" деб баҳо берган.
Обамадан мерос
Трамп, амалдаги президент — Барак Обама томонидан соғлиқни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотларга нисбатан ҳам ўз муносабатини билдириб ўтган. У Обама билан суҳбатдан сўнг, ушбу қонунга тегишли қатор низомларни кучда қолдириши ҳақида ўйлаётганини қўшимча қилган.
Путинга қўнғироқ
Wall Street Journalнашрига берган интервьюсида, Трамп тез орада Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбатини амалга оширишни режалаштираётгани ҳақида гапириб ўтган.
Трамп, шунингдек, Россия етакчисидан "ажойиб" мактуб олганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўзининг оммавий чиқишлари ва интервьюларида, Трамп, Россия ва АҚШ "келишиб" олса яхши бўлиши ҳақида жуда кўп гапирган. АҚШнинг янги сайланган президенти "Путин, Россия билан яхши, жуда ҳам яхши муносабатлар ўрнатишга умид қилаётганини" айтган. Трамп, шунингдек, Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш масаласини кўриб чиқиш ниятида эканлигини маълум қилган.
Американинг 45-президенти, интервью давомида Америка манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйишини ва шу билан бирга, дунёдаги барча мамлакатлар билан адолатли муносабат ўрнатиб, адолатли иш юритишини айтган.