ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Саратов суди 15 яшар қизни зўрлаганликда айбланган Ўзбекистон фуқаросини 17 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Россия Тергов Қўмитаси тарқатган хабарларга кўра, 8 июлга ўтар кечаси Саратовга пул топиш илинжида ташриф буюрган 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси, маст ҳолатда, Иккинчи Пугачёво посёлкасида 15 яшар қизнинг номусига теккан. Терговчиларга кўра, у шундан сўнг, жисмоний куч ишлатиш таҳдиди билан қизни Саратовнинг бошқа туманига олиб кетган ва ўша жойда яна уни мажбурлаган.
"Суд қарори билан судланувчи 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У жазони колония тартибида ўтайди", — деб хабар қилмоқда суд матбуот-хизмати.
Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган ва судланувчи шикоят аризасини бериши мумкинлиги таъкидланмоқда.