ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. "Толибон" радикал ҳаракати жангариларининг Мозори-Шариф шаҳрида жойлашган немис консуллигига уюштирган ҳужуми оқибатида Тожикистондаги Афғон элчиси яраланди, деб хабар қилмоқда РИА Новости ахборот агентлиги Пажвак агентлигига таянган ҳолда.
Миналаштирилган автомобил рули қаршисида бўлган худкуш-террорчи, жумага ўтар кечаси Mazar Hotel отели биноси деворига келиб урилган. Хабарларга мувофиқ, немис дипломатлари ушбу отелдан консуллик сифатида фойдаланиб келганлар. Иккинчи кучли портлаш эса бино ичида рўй берган. Шундан сўнг, бино ташқарисида отишма бошланган, деб хабар қилинган нашрда.
Толиблар вакили баёнотига кўра, ушбу ҳужум Америка авиациясининг Қундуз провинциясида амалга оширган ҳаракатларига жавоб тарзида амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, 3 ноябр куни Қундуз шаҳрида амалга оширилган бомбардимонлар туфайли 30 дан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлган эди.