ТОШКЕНТ, 10 ноя – Sputnik. Ўзбекистон вакцинация марказида гриппга қарши "Ваксигрип" вакцинаси сотувга чиқди. Бу ҳақда nuz.uz хабар бермоқда. "Пойтахт" бизнес марказида мазкур воқеага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Sanofi фармакологик компанияси "Ўзфармсаноат" АК билан ҳамкорликда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўллаб-қувватлаши остида республикада дори воситаларини маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳани амалга ошира бошлади. Гриппга қарши "Ваксигрип" вакцинаси бу йўналишдаги дастлабки препаратдир.
У юқори сифатли хом ашёдан тайёрланган бўлиб, унинг таркибидаги фаол модда Франциядан келтирилади. Вакцина барча зарур талаб ва стандартларнинг кўп поғонали назорат тизимидан ўтган бўлиб, Европада чиқариладиган дори воситаси билан мутлақо бир хилдир.
Sanofi Pasteurнинг Марказий Осиё ва Беларусдаги бўлинмаси директори Нормундс Земвалдиснинг айтишича, дунёнинг 150дан ортиқ мамлакатида муваффақиятли қўлланиб келинаётган мазкур вакцина катталарга ҳам, ёши 6 ойдан ошган болаларга ҳам қўлланилиши мумкин.
Санитария-эпидемиология бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилором Турсунованинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда гриппга қарши вакцинация 2%ни қамраб олади. Мазкур дорининг ишлаб чиқарилиши эса мазкур кўрсаткични ЖСТ тавсия этган 10%гача етказади ва аҳолини хатарли инфекциядан ҳимоялайди.
Sanofi вакиллари шунингдек, келгусида юрак-қон томир ва эндокрин тизимининг сурункали касалликлари ҳамда ошқозон-ичак касалликларига қарши дори воситаларини маҳаллийлаштириш давом этишини билдиришди.