ТОШКЕНТ, 9 ноя – Sputnik. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари 1996-2016 йиллар давомида 60 тоннадан ортиқ наркотик моддаларни мусодара қилдилар, деб хабар бермоқда РИА Новости мамлакат Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига таяниб.
"1996-2016 йиллар давомида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 174 мингдан ортиқ гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар фош этилди, 61 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди", — деб хабар берилди марказ томонидан 20 йиллик фаолият натижаларига бағишлаб Тошкентда ўтказилган тақдимот маросимида.
Марказнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда ўтган 20 йил давомида гиёҳванд модда ишлаб чиқаришга мўлжалланган хомашё базаси амалда деярли йўқ қилинган.
"Агар 1996 йилда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан 4,7 гектар гиёҳванд модда сақловчи ўсимликлар майдони аниқланиб йўқ қилинган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 0,3 гектаргача қисқарди", — деб маълум қилди НМНМАТМ.
Марказнинг маълумот беришича, ўтган 20 йил мобайнида 4 мингдан ортиқ мутахассислар жумладан халқаро лойиҳалар доирасида хориж мамлакатларида малака оширдилар. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари умумий қиймати 52 миллион долларликдан ортиқ махсус техника ва ускуналар, автотранспорт, назорат, текширув ва алоқа воситалари, компьютер ҳамда оргтехника жиҳозлари билан таъминландилар.
НМНМАТМ Ўзбекистон ҳукуматининг 1996 йил 7 ноябрдаги қарори билан наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси сифатида ташкил этилган.
Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан Россияга ва ундан Европа мамлакатларига афюн ва героин олиб ўтиладиган "шимолий йўналиш" деб номланувчи дунёдаги энг йирик наркотрафик ўтади. Маълумотларга қараганда, у орқали йилига 100 тоннагача кучли таъсир қилувчи наркотик моддалар олиб ўтилади.