ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Қашқадарё вилояти миллий хавфсизлик хизмати ходимлари одамларга ички ишлар бўлимига ишга жойлаштиришга ваъда берган товламачини йирик миқдорда пул олаётган чоғида қўлга олишди, деб хабар берди куч тизимидаги манба Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
Касби туманида яшовчи 28 ёшли Баҳодир Ҳамроев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга жойлашиш истагида бўлган фуқаролардан уларни ишга жойлаштиришга ваъда бериб, эвазига пул олиш билан шуғулланган.
"У илгари Қашқадарё вилояти ИИБ қўриқлаш бошқармасида ҳайдовчи бўлиб ишлаган, шунинг учун унга фуқароларнинг ишончига кириш қийинчилик туғдирмаган, уларни маълум бир миқдордаги пул эвазига ишга жойлаштиришга ваъда берган. Фуқаро "К.З." товламачи унинг жиянини вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармасига инспекторликка жойлаштириш учун беш минг доллар сўрагани ҳақида ариза ёзганидан кейин МХХ тезкор вакиллари уни пулни олаётган вақтида қўлга олишди", — деди махсус хизмат вакили.
Тергов-суриштирув Б.Ҳамроев 2013-2016 йиллар давомида шу йўл билан 11 нафар фуқародан ички ишлар органларига жойлаштириб қўйиш учун 37,7 минг доллар ва 10 миллион сўм олгани аниқланди. Бироқ товламачи ваъдасини бажармасдан пулларни ўз эҳтиёжи йўлида сарфлаб юборган. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (товламачилик) бўйича илгари ҳам судланганлиги маълум бўлди.
Айни пайтда Баҳодир Ҳамроевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.