Ўзбекистон ва ЕИ ҳамкорликни кучайтиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон парламенти биноси
Ўзбекистон парламенти биноси - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Томонлар ЕИнинг 2014-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини истиқболда фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар

ТОШКЕНТ, 5 ноя – Sputnik. Тошкентда "Ўзбекистон – Европа Иттифоқи" парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 12-ялпи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради РИА Новости.

Томонлар ЕИнинг 2014-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини истиқболда фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар берди Ўзбекистон қуйи парламенти матбуот хизмати.

"Қўмита мажлисида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи  ўртасидаги муносабатларни, хусусан, социал-иқтисодий, инвестиция, молия ва ҳуқуқ соҳаларидаги, шунингдек инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги муносабатларни янада фаоллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди", — дейилади хабарда.

Мажлис натижаларига кўра парламент ҳамкорлигини янада фаоллаштириш, 2014 – 2020 йилларда индикатив кўмаклашиш дастурини  амалга ошириш, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кўпайтириш, парламент аъзоларининг тажриба билан алмашишга доир халқаро конференциялар, тренинглар, семинарлар ва бошқа тадбирларни биргаликда ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Абдулазиз Камилов ва Ивета Григуле - Sputnik Ўзбекистон
Камилов Европарламент делегацияси раисини қабул қилди

"Сўнгги йилларда бу шериклик янада яхшиланиб, кенгайиб бораётганлигини қайд этмоқчиман. Европа Иттифоқи ва Европа парламентининг Ўзбекистонга нисбатан муносабати доимо илиқ ҳамда дўстона бўлиб келган. Ўтган йиллар давомида барча соҳалар бўйича, шу жумладан таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, минтақавий ривожланиш, қишлоқ хўжалиги бўйича жуда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Булар бизнинг яқин йиллардаги шериклигимизнинг ҳам энг устувор йўналишлари бўлиб қолади. Ўйлайманки, Европа Иттифоқи бундан буён ҳам мамлакатингизни қўллаб-қувватлайди", — деди Европа парламентининг Марказий Осиё ва Монголия мамлакатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Ивета Григуле.

Ўзбекистон ва Евроиттифоқ 1996 йилда "Шериклик ва ҳамкорлик ҳақида" битим имзолаган. "Ўзбекистон – Европа Иттифоқи" парламент ҳамкорлиги қўмитаси 1999 йилда ташкил этилган.

Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси 2012 йилда очилган. ЕИнинг 2014-2020 йилларда республикага кўрсатадиган молиявий ёрдами ҳажми 168 миллион евро миқдорини ташкил этиши тасдиқланган. Бу маблағ ирригация инфраструктурасини яхшилаш, агробизнесга қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, ҳудудларда янги иш ўринларини яратишга йўналтирилади.

Янгиликлар лентаси
0