ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Кореянинг Samsung компанияси АҚШда сотилган 2,8 миллион дона кир ювиш машиналарини ортга қайтариб олмоқда, деб хабар берди РИА Новости The Wall Street Journalнинг АҚШ истеъмолчилик маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича комиссияси хабарига таяниб.
Комиссиянинг маълумот беришича, кир ювиш машиналарининг устки қопқоғи ишлаш жараёнида тўсатдан корпусдан ажралиб кетган.
Комиссия вакиллари ана шундай ҳолат бўйича 700дан ортиқ шикоят келиб тушгани ва тўққизта ҳолатда ажралиб кетган қопқоқлар тан жароҳати етказганлигини маълум қилишди. Битта ҳолатда кир машинасининг учиб кетган қопқоғи эгасининг жағини синдириб юборган.
Нашрнинг маълум қилишича, 2011 йилдан буён сотилган 34 турдаги Samsung кир ювиш машиналари ортга қайтарилади.
Журналнинг қайд этишича, бу Galaxy Note 7 смартфонлари ёниб кетиши ҳолатидан кейин компанияга яна бир зарба бўлади.
Samsung тахминига кўра, смартфон билан боғлиқ ҳолат сабабли компания 2016 йилнинг охирги ва 2017 йилнинг биринчи чорагида уч миллиард доллардан ортиқ зарар кўради.