ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Америкалик "ҳарбий хакерлар" Россия инфраструктурасига киришди ва "зарурат туғилса зарба беришга тайёр", деб маълум қилди NBC News АҚШ разведкасининг шахсини сир тутган вакилига таяниб. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Бу борада расмий изоҳ берилмади. Давлат департаменти вакиллари илгарироқ АҚШ кибермаконда Россия билан тўқнашувдан манфаатдор эмасликларини билдиришганди.
"АҚШ ҳарбий хакерлари Россиянинг электр ва телекоммуникация тармоқларига ҳамда Кремлнинг қўмондонлик тизимига киришди. Бу билан улар агар АҚШ зарур деб ҳисобласа махфий киберқурол орқали уларга ҳужум қилишни осонлаштирдилар. Бу ҳақда разведканинг юқори мансабли вакили хабар қилди, NBC News томонидан ўрганилган махфий ҳужжатлар ҳам бундан дарак бермоқда", — дейилади телеканал хабарида.
NBC News "расмий шахслар"га таяниб, "киберқурол агарда АҚШга сезиларли ҳужум бўлсагина қўлланилишини" таъкидлайди.
"АҚШ расмий шахслари Россия келаси ҳафтада бўлиб ўтадиган президентлик сайловларини издан чиқаришга уриниш мақсадида ўз киберимкониятларини ишга солишидан хавотирланишда давом этишмоқда. АҚШ разведкасидаги расмий шахслар Россия бу муҳим инфраструктурасига ҳужум қилишини кутишмаяпти, чунки бу кўпчиликнинг фикрича, жанговар ҳаракат ҳисобланади. Бироқ улар Россия ёлғон хабар тарқатиш мақсадида сохта ҳужжатларни тарқатишлари ва ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар яратишлари мумкинлигидан чўчишмоқда", — деб хабар беради телеканал.
Телеканалнинг маълум қилишича, АҚШ ҳукумати “Россия таҳдиди”га жавоб қайтариш учун захира тўпламоқда.
Телеканал НАТОнинг собиқ қўмондони адмирал Жеймс Ставридиснинг фикрини келтиради. "Биз ҳар қандай томонга ҳужум қилиш (кибермаконда) имконияти бўйича сезиларли даражада олдинда турамиз, лекин улар бизга етиб олишяпти… Биз сайловлар арафасида киберҳужум қилинган тақдирда Россияга жавоб қайтариш нуқтасига етиб келдик", — деди у.
РИА Новости Оқ Уй, давлат департаменти, Пентагон ва бошқа муассасалардан мазкур лавҳа юзасидан изоҳ олишга муваффақ бўлмади.
Илгарироқ АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги ва миллий разведка директори Россияни АҚШдаги сайловлар натижаларига киберҳужумлар орқали таъсир кўрсатишга уринишда айблашганди. АҚШ махсус хизматлари бир неча бор Россия республикачи Дональд Трамп номзодини қўллаб-қувватлаётганлигига шаъма қилганди. Бироқ улар бу борада ҳеч қандай далил келтиришмаган.
Россия президенти Владимир Путин Дональд Трамп Москва учун фаворит эканлиги ҳақидаги таъкидловлар жамоатчилик фикрини ўзгартириш учун қилинаётган сиёсий ўйин эканлигини билдирди. Путин Москва америка халқи сайлаган ҳар қандай президент билан ишлашга тайёр эканлигини таъкидлади.