ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин 12 октябр куни бошланган "Россия зовет!" — 8-анъанавий инвестицион форуми сессиясида нутқ сўзлади. У нутқида бугунги кундаги Россия ва дунё миқёсида юзага келган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий вазият, ечимини кутаётган муаммоларга тўхталди.
Ғарб санкцияларининг Россия иқтисодиётига таъсири ҳақида
"Санкциялар бизга унчалик ҳам таъсир қилмаётгани ҳақида тез-тез гапирамиз. Таъсир қилади ва таҳдидни биринчи навбатда технологиялар беришни чеклашда кўраман", — деди Путин.
Бу эса "нафақат Россия иқтисодиётига, балки бутун жаҳон иқтисодиётига зарар келтиради, чунки Россия иқтисодиёти бутунжаҳон иқтисодиёти учун муҳим сектор ҳисобланади", — деди у.
"Шундай экан, бундай қилаётганлар охир-оқибат ўзларига зарар етказадилар. Лекин менимча, биз албатта ҳаммасини уддалаймиз", —деб қўшиб қўйди Россия етакчиси.
АҚШ билан муносабатлар ҳақида
"Биз ҳам Россия-Америка муносабатлари ёмонлашишидан ташвишдамиз. Буни биз танлаганимиз йўқ. Биз ҳеч қачон бундай бўлишига уринмаганмиз, аксинча, биз шундай улкан, иқтисодиёти ривожланган буюк давлат билан дўстона муносабатда бўлишни истаймиз".
АҚШдаги сайловлар ҳақида
"Ҳозирда бутун бошли сайлов кампаниясининг биринчи ўриндаги муаммоси Россия бўлиб қолди, фақат у ҳақида гапиришади. Бу албатта, жуда ёқимли, лекин қисман. Нима учун қисман? Чунки ушбу жараённинг барча иштирокчилари Россияга қарши сўзларни кўп ишлатишмоқда ва бу давлатлараро муносабатларга зарарли".
"Бу мамлакатларимиз учун ҳам, халқаро ҳамжамият учун ҳам ёмон. Йирик ядровий давлатлар сифатида биз ер юзидаги тинчлик ва хавфсизлик учун зиммамизда алоҳида масъулият борлигини унутмаслигимиз даркор", — деди Россия президенти.
Хакерлар ҳужумлари ҳақида
"Биз нимага гувоҳ бўляпмиз … Қандайдир хакерлар (Хиллари) Клинтон хонимнинг штаби сайлов кампанияси жараёнида ўзини ёмон тутаётгани — бошқа партияга зарар етказиш учун бошқа бирини қўллаётгани ҳақида маълумот жойлаштиришган. Шу заҳоти бу Россия манфаатлари учун қилинган дея жазава бошланди".
"Бу ерда Россиянинг ҳеч қандай манфаати йўқ. Лекин жазаванинг боиси хакерлар қўйган маълумотнинг мазмунидан Америка халқини чалғитишдир. Бу жамоатчилик фикрини чалғитиш дегани. Ҳамма фақат бу ишни ким қилгани ҳақида гапиради. Наҳотки бу шунчалик муҳим бўлса?" — деди Путин.
АҚШнинг бўлғуси президенти ҳақида
"Америка халқи кимни танлашни ўзи ҳал қилади ва биз АҚШнинг ҳар қандай раҳбари билан ишлашга тайёрмиз… Албатта, агарда АҚШ раҳбари биз билан ишлашни хоҳласа".