ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Йил бошидан буён Россия бозорида харидоргир бўлган Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импорти ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан икки баравардан кўпроққа – 41 миллион доллардан 89 миллион долларга ошди. Бу ҳақда Россия қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Россия қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Евгений Громиконинг Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашувида юқоридаги рақамлар тилга олинди.
Томонлар Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот маҳсулотлари етказишни янада ошириш борасидаги тадбирлар мажмуасини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунига кўра томонлар агросаноат мажмуаси бўйича ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилишди ва икки томонлама савдо ҳажмини ошириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини билдиришди.