ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Москвадаги “Экспоцентр” кўргазмалар марказида WorldFood Moscow-2016 — XXV халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондан 20та энг йирик озиқ-овқат корхоналари қатнашди, деб хабар қилмоқда “Жаҳон” ахборот агентлиги.
Кўргазмада Ўзбекистон мева сабзавот етиштириш борасида улкан салоҳиятга эга эканлиги айтиб ўтилди. Хусусан, мамалкатда 17 млн тонна мева-сабзавотлар етиштирилиши ва ундан 4 млн тоннадан ортиғи экспортга жўнатилиши алоҳида эътироф этилди.
Кўргазма ташкилотчилари хабарига кўра, бу йил унда дунёнинг 63 мамлкатидан 1500 дан ортиқ кампаниялар иштирок этган.
WorldFood Moscow 2016 да Ўзбекистон “Ўзагроэкспорт” АЖ ҳам қатнашиб, россиялик ҳамкорлари билан музокаралар ўтказишди. Музокараларда Ўзбекистондан Россияга еткизиб берилаётган мева-сабзавотлар ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
“Ўзагроэкспорт”нинг маркетинг ва экспорт бўйича директори Сардор Абасханов айтишига кўра, бу йил Ўзбекистондан Россияга экспорт қилинадиган мева-сабзавотлар ҳажми 30-40 %га ошди.
“Келажакда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида биз мева-сабзавот еткизиб бераётган ўзбекистонлик корхоналарга қўшимча имтиёзлар берилиши ҳақида келишиб олдик. Шунингдек биз айни дамда Москва ва Санкт-Петербургда савдо уйлари ташкил қилишнинг биринчи босқичида турибмиз. Кейинчалик Россиянинг барча ҳудудларида шундай савдо уйлари ташкил қилинади”, — деди Абасханов.
Ушбу кўргазма биз учун муваффақиятли бўлди, Россиянинг энг йирик савдо тармоқлари билан алоқа ўрнатдик, деб сўзини давом эттирди Абасханов.
Россия Миллий улгуржи-тақсимлаш марказлари биринчи ижроия директори Владимир Лищук ҳам ўзбекистонлик маҳсулот еткизиб берувчилар билан ишлаш ниятида эканлигини таъкидлади.
“Ўзбекистонлик маҳсулот еткизиб берувчилар билан ишлашга бизда катта хохиш бор. Биз Россия расталарида Ўзбекистондан имкон қадар кўпроқ маҳсулот кўришни истаймиз”, — деди Лищук.
“Охирги йилларда Москвадаги озиқ-овқат кўргазмасида Ўзбекистондан олиб келинаётган хилма-хил маҳсулотларни кўришдан жуда хурсандман. Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги саноатининг бутун дунё томонидан юқори даражада эътироф этаётганидан дарак беради. Биз Ўзбекистон мева-сабзавотларининг сифати жуда юқори деб ҳисоблаймиз, шуни учун уни Россия бозор ва савдо тармоқларида кўришни истаймиз”, — деди Федерация Кенгашининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат сиёсати қўмитаси раиси ўринбосари Сергей Лисовский.