ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Бишкекдаги йиғилиш якунларига кўра қатор ҳужжатларни имзоладилар, деб хабар берди РИА Новости.
Ҳаммаси бўлиб кенгашнинг ўнга яқин қарори қабул қилинди. Улар орасидан ташкилотга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш ҳақида ШҲТ котибияти ҳисоботи ҳақидаги қарор, ШҲТ бюджетининг 2015 йилда бажарилиши натижалари бўйича молиявий ҳисобот, 2017 йил бюджети, ташкилотнинг доимий амалдаги органлари ташқи аудитини ўтказиш бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ташқи аудиторлар комиссиясининг маърузаси ҳақидаги қарор каби ҳужжатлар ўрин олди.
Шунингдек, ШҲТ тараққиёт банки ва ШҲТ тараққиёт фондини ташкил қилиш бўйича келгусидаги ишлар ҳақидаги ҳужжат, ШҲТнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳавий фаолиятини ривожлантириш бўйича тадбирлар рўйхати ҳақидаги қарор, 2016-2020 йилларга мўлжалланган илмий-техникавий ҳамкорликни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси ҳақидаги ҳужжатлар имзоланди.
Бундан ташқари, ШҲТ йўлларини ривожлантириш дастури лойиҳаси ҳақидаги қарор ҳам имзоланди.
Йиғилишда Ўзбекистон номидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Йиғилиш доирасида Рустам Азимов ва Афғонистон бош вазири Абдулла Абдулла музокара ўтказишди. Учрашув Бишкекда ўтаётган ШҲТ давлатлари ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида бўлиб ўтди. Томонлар Афғонистон делегациясининг Ўзбекистонга яқинда амалга оширган турли даражадаги ташрифи ва эришилган келишувлар натижаларига юқори баҳо бердилар. Улар Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини узвий мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.