ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Бишкекда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов йиғилишда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрига етиб келди.
Илгарироқ Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида Рустам Азимов ШҲТ ҳукумат раҳбарлари йиғилишида қатнашиши, молия вазири бошчилигидаги делегация ноябр ойи бошида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида иштирок этиши маълум қилинган эди.
Тор доирада бўлиб ўтаётган учрашувда, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия ва Тожикистон Бош вазирлари иштирок этишмоқда. Кенгайтирилган тартибда бўлиб ўтадиган учрашувда эса кузатувчи давлатлар делегациялари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ШҲТ Котибияти ходимлари ҳам иштирок этадилар, деб хабар қилмоқда Спутник Қирғизистон.
Ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳукумат раҳбарлари ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий масалаларини муҳокама қиладилар.
Йиғилиш якунида 10га яқин ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.