ТОШКЕНТ, 2 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурга кўра, давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш муҳим масалалардан ҳисобланади.
Шунингдек, мамлакатдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, ҳудудларни комплекс ва изчил ривожлантириш, халқ турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини юксалтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашув видеоконференция тарзида ўтказилди. Андижон шаҳри ва барча туман марказларида йиғилган сайловчилар билан очиқ ва жонли мулоқот бўлди.
Шавкат Мирзиёев шу куни Фарғона вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.
Номзод ўзининг сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлар ҳақида батафсил тўхталди.
Номзоднинг дастуридан миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ҳар томонлама ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, ижтимоий инфратузилмаларни такомиллаштириш, бандликни таъминлаш каби масалалар ўрин олган.
Видеоконференция тарзида ўтган очиқ мулоқотда иштирокчилар “ўзбек модели” барча соҳаларда улкан самаралар бераётганини қайд этдилар.