ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Қирғизистон давлат чегара хизмати раиси Абдикарим Алимбаев идоравий йиғилишда чегараларда ҳушёрликни оширишга кўрсатма берди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар қилмоқда.
У кейинги вақтда террорчи ва экстремистик гуруҳларнинг фаолияти айниқса Яқин Шарқ ва Афғонистонда кучаяётганини билдирди.
"Айнан шу боис бугунги кунда Қирғизистон чегарачиларининг асосий вазифаси экстремистик фаолиятни амалга ошириш учун республикага киришга уриниш ҳолатларини ва ёт оқимлар таъсирида республикани тарк этмоқчи бўлган шахсларни аниқлашдан иборат. Мазкур йўналишдаги ишларни айниқса ўтказиш пунктларида кучайтиришни талаб қиламан", — деди Алимбаев.
Унинг сўзларига кўра, назорат-ўтказиш пунктлари шахсий таркиби хизматчиларининг сонини ошириш, чегара пунктлари ва заставаларидаги ҳарбийларнинг ҳушёрлигини кучайтириш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Узоқ тоғли ҳудудларда разведка қидирув тадбирлари ўтказилмоқда, мураккаб йўналишларда қўшимча блокпостлар ўрнатилди.