ТОШКЕНТ, 10 окт – Sputnik. АҚШ ва Буюк Британия элчихоналари ўз фуқароларини Қирғизистонда октябрда террорчилик хавфи кучайиши ҳақида огоҳлантиришди.
Хабарда айтилишига кўра, террорчи ва экстремист гуруҳлар Қирғизистон ҳукумати вакилларига ва чет эллик дипломатларга ҳужум қилишлари, одам ўғирлашлари ва гаровга олишлари мумкин экан.
“Биз олган маълумотларга кўра, Қирғизистонда Октябр ойида террорчилик хавфи ўта кучли бўлади. Террорчилар Қирғизистон ҳукумати вакиллари ва чет эллик дипломатларга ҳужум қилишлари, одам ўғирлашлари ва гаровга олишлари мумкин. Британия фуқароларига нисбатан ҳеч қандай аниқ маълумот бўлмасада, биз ўз фуқароларимиздан жамоат жойларда ҳушёр бўлишни, одам гавжум жойлардан узоқроқ юришни ва маҳаллий ҳукумат томонидан берилган хавфсизлик тавсияномаларига амал қилишни сўраймиз”, — дейилган Буюк Британия элчихонаси саҳифасида.
Худди шундай маълумот АҚШ элчихонаси сайтида ҳам эълон қилинган.
Элчихоналар ўз фуқароларидан айниқса Қирғизистон жанубига – Ўш, Баткен ва Жалол-Обод вилоятларига саёҳат қилганда эҳтиёт бўлишни сўрашган.
“Қирғизистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегаралари ҳам кутилмаганда беркитилиши мумкин. Охирги ойлар давомида у ерларда бир неча ҳодисалар юз берди”, — дейилган хабарда.
Шунингдек, элчихоналар ўз фуқароларига Қирғизистонга саёҳат қилганда албатта тиббий суғурта олишни ва доимо ўз паспортларини ёнларида олиб юришни маслаҳат беришган.
Эслатиб ўтамиз, 30 август куни эрталаб, худкуш террорчи Бишкекда Хитой элчихонаси дарвозасини бузиб кириб, машинага ўрнатилган, кучли портловчи мосламани ишга туширди. Оқибатда уч элчихона ходими жароҳатланди. Дипломатларга зарар етмади. Элчихона биносига катта зарар еткизилди.